Йирик юк машиналарига Термиз бўйлаб юриш тақиқланди
Термизда оғир вазнли юк машиналари қатнови чекланди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу чора халқ Депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг ўтган йил 22-декабр кунидаги қарори билан белгиланди. Чеклов 8 тоннадан ортиқ юк кўтариш кучига эга автомобилларга тааллуқли.
Баъзи ҳолатларда юк машиналарига ҳаракатланишга рухсат берилиши мумкин. Бунда қатнов Термиз шаҳар ҳокимлиги, “Сурхондарёавтойўл” ташкилоти ва вилоят ЙҲХБ билан ўзаро келишилган ҳолда амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, январда Экология вазирлиги Тошкентда тирбандликни камайтириш ва йўл хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ вазнли юк машиналарининг тиғиз пайтда (07:00 дан 10:00 гача ва 17:00 дан 20:00 гача) шаҳар бўйлаб ҳаракатини чеклашни таклиф қилганди. Шунингдек, мазкур усул орқали ҳаво ифлосланишининг олдини олиш ҳам режалаштирилмоқда.