Қашқадарёда иссиқ туфайли юк машиналари ҳаракатига чекловлар жорий этилмоқда

Юк машиналари ҳаракати ҳар куни соат 09:00 дан 19:00 гача чекланади

Қашқадарё вилоятида ўта иссиқ об-ҳаво сабабли юк машиналари ҳаракатига чеклов жорий этилмоқда, дея хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, вилоятда кундузи ҳаво ҳарорати 42–44°С гача, айрим ҳудудларда эса ундан ҳам юқори даражага кўтарилмоқда.

Бундай шароитда асфальтбетон қопламаси ҳарорати 70–75°С гача етиб, қопламанинг юк кўтариш қобилияти пасаяди. Натижада оғир юк автомобиллари ҳаракати таъсирида йўл қопламасида ғилдирак излари, деформация ва бошқа техник нуқсонлар юзага келиши мумкин.

Шу муносабат билан, давлат бюджети ҳамда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қурилган ва таъмирланган автомобил йўлларини асраш мақсадида, Қарши шаҳри, туман марказлари ҳамда уларни боғловчи умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида оғир юк автомобилларининг ҳаракати ҳар куни соат 09:00 дан 19:00 гача вақтинча чекланади, — дейилади хабарда.

Ҳайдовчилар, юк ташувчи корхона ва ташкилотлардан мазкур чекловларга қатъий риоя қилишлари, юк ташиш вақтларини белгиланган тартиб асосида режалаштиришлари сўралди.

Ўзбекистон