Наманганда хизмат хонасида қимор ўйини ташкил қилган директор ишдан олинди

Наманган вилояти Чортоқ туманидаги 8-мактаб директори хизмат хонасида қимор ўйини ташкил қилгани аниқланди. Бу ҳақида вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган рейд давомида мактаб директори ўз хизмат хонасида қимор ўйини ташкил этиб, шериклари билан ўйнаётган аниқланган.

Бошқарма хабарига кўра, ташкилотда ўрнатилган ички меҳнат тартиб қоидаларини қўпол равишда бузгани учун директор билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчи ташаббусига кўра бир томонлама бекор қилинди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Наманган