Тошкентда чўкаётган қизчани қутқарган эркак ҳалок бўлди
5 май куни Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги «Ракат» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Бўрижар каналида 43 ёшли эркак чўкаётган қизчани қутқараётиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда Газета.uz хабар берди.
Маълум бўлишича, етти-саккиз ёш атрофидаги қиз дугоналари билан ўйнаб юрган чоғида канал четига яқинлашиб, оёқларини ҳўллаб олмоқчи бўлганда каналга тушиб кетган. Уни қутқариш учун яна бир қиз ҳам сувга сакраган, бироқ у ҳам оқим билан оқиб кетган. Болаларнинг ёрдам чақирганини эшитган маҳалла аҳолиси дарҳол ҳаракатга тушган.
Дастлаб Даря Грапиненкова исмли фуқаро қизлардан бирини хода ёрдамида чиқариб олган. Сув оқимида пастга оқиб кетаётган иккинчи қизчани эса Абдуманноп Самиқов кўриб, сувга шўнғиган ва уни ушлаб қолишга муваффақ бўлган. У қизчани ушлаб олишга улгурган, бироқ қирғоққа яқинлашаркан, тирмашиб чиқолмаган, қўли билан тутиб олишга ҳеч нарса топилмаган. Оёқ остидаги бетон сирпанчиқ бўлган. Воқеа жойида бўлган ўғли Саидакбар Абдувалиев отасига таёқ узатмоқчи бўлган, лекин етолмаган. Кейин арқон олиб келиш учун югурмоқчи бўлганида, отасининг ҳолсизланаётганини сезиб, ўзи сувга сакраб тушган. Самиқов қизчани ўғлига тутқазиб, ўзи яна сувга шўнғиган ва кўздан ғойиб бўлган.
Воқеа жойига участка нозири етиб келган. У тез ёрдам ва ФВВга хабар берган. Шундан сўнг Абдуманноп Самиқовни қидириш бошланган. Соат 23:00 атрофида эркакнинг жаса 16-шаҳар шифохонасининг орқа томонида (собиқ Пионер кўчаси, ҳо Арнасой кўчаси ҳудудида) — тахминан 4 км масофада топилган.
Шунингдек, Газета.uz келтиришича Бўрижар қирғоғининг бир қисмида сайр зонаси барпо этилмоқда, минглаб дарахтлар кесилган. Ишлар хавфсизлик талабларини бузган ҳолда олиб бориляпти.