Тошкентда 72 мингдан ортиқ сифатсиз тиббий буюмларни пулламоқчи бўлган шахс ушланди

Тошкент шаҳрида катта миқдорда сифатсиз дори воситаларини аҳолига сотишга уринган фуқаро тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, пойтахтда яшовчи (1976 й.т.) фуқаро 72 000 дона тиббий буюмларни 111 млн сўмга сотишни режалаштирган. Аммо, олдиндан 30 млн сўм олган вақтида, ашёвий далиллар билан қўлга тушган.

Ушбу шахснинг яшаш хонадони ва автотранспорт воситасида жами 240 млн сўмлик 29 хил номдаги 72 389 дона тиббий буюмлар топилган.

Бундан ташқари, «Магникум», «Релок», «Дизентерон» ва бошқа шу каби 867 қути дори ва биологик актив қўшимчалар сотиш мақсадида сақланаётганлиги аниқланган.

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази хулосасига кўра, мазкур дори воситалари сифатсиз ва сақлаш шароитига амал қилинмаган бўлиб, сотиш, ташиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланади, — дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар