Президент Қўқон шаҳрида барпо этилаётган янги массив билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи Қўқон шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» массивида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошланди.

Қайд этилишича, мамлакатда аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, замонавий шаҳарсозлик андозаларини ҳудудларга олиб киришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қадимий Қўқон шаҳрида қад ростлаётган янги массив ҳам нафақат уй-жой мажмуаси, ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий қиёфасини ўзгартирувчи замонавий марказ сифатида шаклланмоқда.
Шунингдек, Қўқон азалдан аҳоли зич яшайдиган, тадбиркорлик ривожланган шаҳарлардан бири эканлиги билдирилди. Шу боис, бу ерда турар жойга бўлган талаб йил сайин ортиб бораётгани таъкидланди. Эскирган инфратузилма ва чекланган яшаш майдонлари шаҳарни янги асосда кенгайтиришни тақозо этмоқда.
Таъкидланишича, президентнинг икки йил аввал Фарғона вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида бунёд этилаётган мазкур массив айнан шу эҳтиёжга амалий ечим бўлмоқда. Бу ерда оилалар замонавий ва барча қулайликларга эга хонадонлар билан таъминланмоқда.

Массивни барпо этиш учун жами 1 триллион 850 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Ҳудудда 25 минг нафар аҳоли яшашига мўлжалланган яхлит инфратузилма шакллантирилмоқда. 84 та кўп қаватли уй билан бирга замонавий мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, олий ўқув юрти, бизнес ва савдо марказлари ҳамда аҳоли дам олиши учун боғлар барпо этилиши кўзда тутилган, — дейилади хабарда.
Бу ишлар янги массив аҳолиси учун уйидан узоқлашмаган ҳолда ишлаш, таълим олиш, савдо ва хизматлардан фойдаланиш, мазмунли ҳордиқ чиқариш имкониятини яратиши билдирилди.

Бугунги кунда лойиҳанинг биринчи босқичи муваффақиятли якунланди, 4 минг 394 та хонадондан иборат 56 та ўн қаватли уй фойдаланишга топширилди. Тайёр таъмирли хонадонлар аҳолига 35% бошланғич тўлов асосида, йиллик 16% ставка билан 20 йил муддатга берилмоқда.
Давлат раҳбари янги хонадонлардан бирига кириб, яратилган шароитлар ва жиҳозланиши билан танишди. Массивнинг ижтимоий аҳамиятига алоҳида тўхталиб, бу ерда шаклланаётган янги муҳит одамларнинг дунёқараши, ҳаёт сифати ва турмуш маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Фарғоналик нуронийлар билан самимий суҳбат бўлиб ўтди. Улар ижтимоий давлат тамойили асосида жойларда инсон манфаатлари таъминланаётгани, замонавий таълим ва тиббиёт муассасалари, обод маҳаллалар, янги корхоналар ва тадбиркорлик имкониятлари аҳоли ҳаётини ўзгартираётганини таъкидлади.





