Сурхондарёда гиёҳвандлик воситасини сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида 4 нафар шахс 1 кг гашишни $20 мингга сотаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу шахслар «Қора дори – 2025» тезкор-профилактик тадбири доирасида қўлга олиниб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Шунингдек, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида ўтказилган тадбирда икки нафар фуқаро 500 гр опийни $25 мингга сотаётганида далилий ашёлар билан ушланган. Кейинги тинтувлар натижасида яна 585 гр опий ва 360 гр гашиш аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган.
Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 273 моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний тайёрлаш, сақлаш ва сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Фарғона вилоятида ҳам бир нечта ҳолатлар фош этилган. Тошлоқ туманида бир фуқаронинг томорқасида 103 туп кўкнори ва 118 туп наша етиштирилаётгани, Марғилон шаҳрида эса бошқа фуқаро уйида 170 туп гиёҳвандлик воситаси етиштириб келаётгани аниқланган.
Ҳар иккала ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилган.