Баҳодир Ғофуров: «Ўзбекистон хоккей терма жамоалари 2025 йилдан бошлаб жаҳон чемпионатларида иштирок этади»

Ўзбекистон хоккей федерациясининг биринчи вице-президенти янги мавсум олдидан берган мазмунли интервьюсида мамлакатда хоккейни ривожлантириш билан боғлиқ муҳим саволларга жавоб берди.

Ҳумо ёшлар терма жамоасининг Монголияда бўлиб ўтган Осиё ва Океания U18 чемпионатларидаги ғалабасидан сўнг ушбу мусобақаларни кейинги йил Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Бундай кенг кўламли спорт тадбирининг мамлакатимизда ўтказилиши миллий хоккей учун тарихий воқеа бўлади.

«Август ойи бошида Ўзбекистонга IIHF вице-президенти, Осиё қўмитаси раҳбари Айваз Омарканов ташриф буюрди. У билан учрашувда давомида федерациямиз Президенти Бахтиёр Шухратович Фазылов U18 тоифасидаги иккинчи Осиё ва Океания чемпионатини Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигини тасдиқлади. Аслида, бизда барча шароитлар мавжуд. Биринчи навбатда, пойтахтнинг «Humo Arena»си, Самарқанднинг ҳам ўз аренаси фаолият юритиб келмоқда. Келгуси йилги турнирда аввалги чемпионатга нисбатан анча кўпроқ жамоалар иштирок этиши режалаштирилган. Шу боис жамоалар биринчи босқичда икки гуруҳга бўлиниб, ўйинлар Тошкент ва Самарқандда бўлиб ўтиши тахмин қилинмоқда. Плей-офф ва финал ўйинлари Тошкентда бўлиб ўтади. Албатта бу дастлабки режа. Унинг ташкилий ишлари бўйича ишлар давом этмоқда», — деди Баҳодир Ғофуров.

Бугунги кунда Ўзбекистон хоккей федерациясининг асосий вазифаси Ўзбекистон терма жамоасини тузиш ва хоккей бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этишга тайёргарлик кўришдан иборат.

«Профессионал ўйинчини ривожлантириш ва шакллантириш жуда қийин, машаққатли ва узоқ давом этадиган жараёндир. Терма жамоанинг таянчини шакллантиришга ва жаҳон майдонида рақобатбардош бўлишга қодир юқори сифатли миллий спортчилар жамоасини етиштириш жуда қийин муаммо, аммо буни ҳал қилса бўлади. Бунинг учун кўп вақт ва куч сарфлаш керак. Ўйинчиларни фуқароликка қабул қилиш бу биз учун ўзбек хоккейини IIHF Жаҳон чемпионати дастурига интеграциялашуви жараёнини тезлаштириш имкониятидир. Бугун бизда Ўзбекистон фуқаролигини олиб, терма жамоамизда ўйнашни истаган бир қатор спортчилар бор. Мен исмларни ошкор қилмайман, аммо улар «Ҳумо» ХК ўйинчилари орасидандир. Халқаро хоккей федерацияси турнирларида иштирок этиш учун терма жамоалар учун малакавий талаблар мавжуд, лекин биз ҳали уларга тўлиқ жавоб бермаймиз ва шунинг учун бироз вақт сарфлашимиз керак. Биз фуқароликка қабул қилиш масалаларини кўриб чиқмоқдамиз, аммо Ўзбекистон фуқаролигини олиш ва спортчиларни ўзиники қилишдан ташқари спорт фуқаролигини олиш масалалари ҳам бор. Бу дегани, маълум бир терма жамоада ўйнаш учун спортчига малака олиш имкониятини бериш. Биз аста-секин, тизимли равишда бу муаммоларни ҳал қилишга қараб кетмоқдамиз. Бу масалаларнинг барчаси кўп вақт ва сабр-тоқат талаб қилади.  Биз 2024 йилда хеч қайси ёш тоифасида жаҳон чемпионатларида қатнаша олмаймиз, аммо 2025 йилдан бошлаб фаол қатнашишга ҳаракат қиламиз», — деди Баҳодир Ғофуров.

Ўзбекистонда бугунги кунда хоккей анъанаси шаклланмоқда. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери мамлакатда хоккей спорт тури бўлмаган.

«Ўзбекистонда хоккей ўз фаолиятини тўхтатганига 30 йил бўлди. Эҳтимол, бу янги йўналишнинг бошланишидир. Янги саҳифадан десак, муболаға бўлмайди. Совет даврида, етмишинчи йилларнинг бошларида Тошкентда Совет чемпионатининг иккинчи лигасида ўйнаган «Бинокор» жамоаси очилди. Айнан мана шу «Бинокор» мактабининг битирувчилари ҳозирги пайтда Ўзбекистонда ҳаваскор хоккейнинг асосини ташкил этади. Уларнинг аксарияти федерациянинг ривожланиши ва кўплаб масалалар бўйича ҳар томонлама ёрдам бериб келмоқдалар».

Федерация бугунги кунда ёш авлод хоккейчиларини тарбиялашга интилмоқда. Хоккей мактаблари бутун мамлакат бўйлаб ривожланмоқда. Беш йил олдин, ўқув масканларида бутун мамлакат бўйлаб 50-60 дан ортиқ бола бўлса, энди бу рақам 500 дан ошди.

«Хоккейга қизиқиш албатта уйғонмоқда ва ривожланиб бормоқда. Беш йил олдин бутун мамлакат бўйлаб 50-60 спортчи болалар, энди ўн баравар кўпдир. Хоккейга қизиқишнинг уйғониши албатта вақт билан боғлиқ масала. Биринчи жамоа қанчалик яхши натижа кўрсатиши ёшларни жалб қилишга кучли омилдир.

Қозоғистондаги Pro Hokei Ligasy чемпионатида «Ҳумо» жамоасининг биринчи лойиҳаси айнан мана шу масалани ечишга йўналтирилган. Куни кеча жамоа ўзининг қисқа вақт ичидаги биринчи ғолиблигини – Қозоғистон кубогини қўлга киритди. Бундай ютуқлар спортимизга эътиборни жалб қилиш учун жуда муҳимдир. Барча ёш гуруҳлари тажрибали мураббийларга бириктирилган. Бу узвийликда ҳеч қандай бўшлиқлар йўқ. Аниқроғи, «Ҳумо» хоккей мактабида узвийликда узилиш йўқ. Бутун ёш тоифасидаги вертикал фаолият йўлга қўйилган, фақат кейинги мавсумда қатнашадиган ёшлар жамоаси бундан мустасно».

Хоккейга қизиқиш аста-секин ўсиб бормоқда. Нафақат ўғил болалар балки қизлар ҳам бу спорт турига қизиқиб бормоқдалар. Аёллар терма жамоаларини шакллантириш ҳам кун тартибида долзарб масаладир.

«Аёллар хоккейи бевосита ушбу спорт турига аёлларнинг келишига, аниқроғи қизларнинг қатнаши билан боғлиқ. Бизда қизларни хоккей мактаблари гуруҳларига қабул қилишда чекловлар йўқ. Аммо хоккейга келган қизларнинг фоизи жуда кам, уларни бир қўлнинг бармоқлари билан ҳисоблаш мумкин. Шунинг учун аёллар хоккейи ҳақида гапиришга ҳали эрта. Қизлар маълум вақтгача ўғил болалар билан бирга, 10-12 ёшгача шуғулланиши, кейин эса ўз жамоаларида бўлишлари керак. Қизлар аёллар жамоаларига, ўғил болалар эркаклар жамоаларида қолишади. Бу тизим шу тарзда иш юритиши керак, лекин ҳозирча бизда қизлар оқими йўқ. Фурсатдан фойдаланиб, мен қизларни хоккей мактабларига келишга тортинмасликка таклиф қилмоқчиман».

Янгиликлар