Фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар бўйича 3 нафар мансабдорга жиноят иши қўзғатилди
Хоразм ва Сирдарё вилоятларида фирибгарлик билан боғлиқ икки ҳолат бўйича 3 нафар мансабдор шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Хоразм вилоятида туманлардан бирининг Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими бошлиғи хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда, қишлоқ хўжалигига оид маҳсулотлар билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли 27 тонна «Биостимулятор» ўсимликлар озуқасини маҳаллий фермерларга юқори нархларда сотиш учун шартнома тузишда ёрдам бериш эвазига $10 минг олган вақтида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» ва «в» бандлари (фирибгарлик) билан жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сирдарё вилоятида эса «Гулистоншаҳаргаз» газ таъминоти бўлимининг кичик ва ўрта бизнес билан ишлаш бўлими етакчи муҳандиси ҳамда маҳаллабай ишлаш хизмати бошлиғи ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқаронинг хонадонида аниқланган 164 млн сўмлик ноқонуний газ истеъмоли бўйича зарарни 14 млн сўмгача камайтириб бериш эвазига $ 1 минг талаб қилган. Mуҳандис пулни олаётганида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур икки мансабдорга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари давом этмоқда.