Эҳтиёжманд хотин-қизлар учун ОТМга киришда тавсиянома олиш бўйича аризалар қабули бошланди
Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга 2025/26-ўқув йили учун ОТМларга киришга тавсиянома олиш учун аризалар қабули бошланди. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева хабар берди.
Қайд қилинишича, тавсияномани олиш истагидаги номзодлар 2025-йил 30-майдан 8-июнгача аризани онлайн тарзда tavsiyanoma.ijro.uz платформаси орқали топширишлари мумкин бўлади.
• тавсиянома қуйидаги олти тоифа вакилларига тақдим этилади:
• кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар;
• тўлиқсиз оилада тарбияланаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;
• турмуш ўртоғи вафот этган, фарзандини ёлғиз тарбиялаётган аёллар;
• ногиронлиги бўлган фарзанди бор аёллар;
• ижарада ёки алоҳида яшаб, икки ва ундан ортиқ фарзандини тарбиялаётган ёлғиз аёллар;
• oта-онасидан бири ёки ҳар иккаласи 1- ёки 2-гуруҳ ногирони бўлган хотин-қизлар.
Тавсиянома эгаси бўлган абитуриентлар фақат танлаган биринчи таълим йўналиши бўйича қўшимча 4% лик давлат гранти асосида танловда иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Кириш имтиҳонларида энг юқори баллнинг камида 30% ини тўплаган тавсиянома эгалари баллар кетма-кетлигига мувофиқ талабаликка тавсия этилади.