Ўзбекистонда аёлларга 14 ўриндиқдан ортиқ бўлган автобусларни бошқариш бўйича тақиқ бекор қилинади
Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳадан кўзланаётган асосий мақсад аёлларга автотранспорт соҳасидаги касбларда меҳнат фаолиятларини олиб бориш учун шароитлар яратиб бериш, хусусан, 14 ўриндиқдан ортиқ бўлган автобусларни бошқариш бўйича амалдаги тақиқни бекор қилиш, автобусларни ҳайдовчи сифатида бошқариш учун аёлларни жалб қилишдан иборат.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарори:
а) 2-иловаси билан тасдиқланган низомнинг 27-бандига кўра, «C» ёки «D» тоифаларига оид автотранспорт воситаларини бошқариш учун аёлларга юк автомобилларини ёки автобусларни бошқариш Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан белгиланган муайян чеклашлар (автомобилларнинг юк кўтариши 2,5 t дан, автобусда йўловчиларнинг сони 14 кишидан ошмаслиги керак) асосида рухсат этилади;
б) 3-иловаси билан тасдиқланган низомнинг 5-бандига кўра, аёлларни «BC» ва «D» тоифаларига тайёрлашни ташкил қилишда юк автомобилларининг юк кўтариши 2,5 t дан ва автобусларнинг йўловчилар ташиш учун рухсат этилган сони 14 кишидан ошмаслиги керак.
Яъни, мазкур нормаларга мувофиқ аёллар фақатгина йўловчиларнинг сони 14 кишидан ошмайдиган автобусни ҳайдовчи сифатида бошқариши мумкин. Мазкур нормалар транспорт соҳасида гендер тенгликни таъминлаш ва катта сиғимли автобусларни (электробус) бошқаришда аёлларни жалб этишга имконият бермайди.
Қайд этилишича, бугунги кунда йўловчи ташиш учун жалб қилинаётган автобуслар ва электробуслар ўзининг замонавийлиги ва бошқаришда қулайлиги билан ажралиб туради. Гидравликалик бошқариш (рул) хусусиятлари эса транспорт воситасини бошқаришда аёлларга ортиқча қийинчиликлар ва жисмоний зўриқишлар туғдирмайди.
Юқорида қайд этилган чекловлар Сенат томонидан хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқ бўлмаган норма экани қайд этилган. Лойиҳа билан юқоридаги нормалар чиқариб ташланмоқда.
Қарор лойиҳаси қабул қилиниши натижасида аёлларга автобус ҳайдовчиси сифатида меҳнат фаолиятини олиб бориш учун ҳуқуқий асос яратилади, жамоат транспорт хизматлари сифати ва хавфсизлик даражаси ортади.