UzAuto автомобиллар учун шартнома тузиш билан боғлиқ тасдиқланмаган материалларни рад этди
Шу кунларда интернет тармоқларда Chevrolet автомобиллари учун шартнома тузиш билан боғлиқ бир нечта тасдиқланмаган ва провокацион материаллар кенг тарқалди.
Хусусан, Telegram каналларида Д.К исмли харидор томонидан шартнома тузилган автомобиллар рўйхати (камида 10 дона) акс этган сурат ҳам жойлангани шулар жумласидан.
UzAuto Motors шуни маълум қиладики, жорий йилнинг 3-ноябр санасида ушбу суратда исми келтирилган фуқаро билан Chevrolet автомобилини сотиб олиш бўйича ҳеч қандай шартнома тузилмаган.
Бундан ташқари, 3-ноябр куни шартномалар Chevrolet Lacetti’нинг фақат L-Stile AT Plus модели учун мавжуд бўлган. Аммо, расмда бир вақтнинг ўзида Lacetti автомобилларининг камида 4 та комплектатсияси, шу жумладан, механик узатмалар қутиси билан жиҳозланган моделини ҳам кўриш мумкин.
Шу билан бирга, аввалроқ яъни 28-30 октябр кунлари бир қатор Telegram-каналларда ҳам автомобил ишқибозлари ўртасида тушунмовчилик келтириб чиқаришга уриниш ҳолатлари кузатилган эди. Интернет тармоқларда 30-октабрдан бошлаб оммабоп автомобиллар сотуви бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди, бу эса аҳолининг Chevrolet дилерлик марказларида шартнома очилмасдан аввал сабабсиз тўпланишга олиб келди.
Мазкур сохта маълумотга қўшимча равишда, шу кунларда аҳоли ўртасида автомобиллар шартномалари тузиш билан боғлиқ шов-шувларни кўтаришга уриниш ҳолатлари ҳам кузатилди. Бунга мисол тариқасида, гўёки дилерлик маркази ходимлари ёпиқ эшиклар ортидан автомобил сотиб олиш бўйича 50 та шартнома тузганлиги акс этган видеоеасвирларнинг кенг тарқалганини ҳам келтириш мумкин.
Ушбу видео бўйича шуни таъкидламочимизки, Chevrolet автосалонлари билан боғлиқ мазкур ҳодиса бир неча муддат аввал содир этилган бўлиб, жорий йилнинг ноябр ойида оммабоп автомобиллар учун очилган шартномаларга алоқаси йўқ, буни видео тасвирлардаги аҳолининг ҳозирги мавсумга мос кийимда эмасликларида билиш мумкин.
UzAuto Motors бундай ҳолатларга жуда жиддий ёндашади ҳамда компанияга ушбу ҳодиса тўғрисидаги маълумот келиб тушиши биланоқ, ушбу дилерлик марказида шартнома тузиш тизими дарҳол узилган. Бундан ташқари, ушбу салон раҳбариятига нисбатан интизомий ва жазо чоралари қўлланилди.
Эслатиб ўтамиз, агар сиз ҳар қайси Chevrolet дилерлик марказларида бу каби ҳолатларга гувоҳ бўлсангиз ёки қонунга зид хатти-ҳаракатларни сезсангиз, дарҳол компаниянинг расмий алоқа каналлари орқали хабар беришингизни сўраймиз. Шундагина бундай муаммоларни бартараф этишимиз, уларнинг фаолиятида ҳалоллик ва ошкораликни таъминлаш бўйича самарали чоралар кўришимиз мумкин.