Қорақалпоғистондаги заправкада қарийб 3 млрд сўмлик газ талон-тарож қилинди
Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш компресслаш шохобчаси кўп миқдордаги газдан ноқонуний фойдалангани маълум бўлди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.
«Қ.М.» МЧЖ мансабдор шахслари жамиятга қарашли заправканинг ўлчов қурилмаларига ташқи таъсир кўрсатиши оқибатида 2,9 миллиард сўмлик табиий газ талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан жамият мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов давомида жамият томонидан етказилган зарар тўлиқ ундирилиши таъминланган.
Бош прокуратура тадбиркорлардан фаолияти давомида энергия ресурсларидан қонуний тартибда ва оқилона фойдаланишни сўради ҳамда бу каби тадбирлар давом этишини таъкидлади.
Энергоресурслардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатлари фош этилади ва жазо муқаррарлиги таъминланади, — дейилади хабарда.