Ўзбекистонда 1 апрелдан чет эл фуқароларига ҚҚСни нақд пулда қайтариш имконияти яратилади
Ўзбекистонда «Чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгиланди, жумладан:
• чет эл фуқароларига ҚҚСни қайтариш тизими қамровини кенгайтириш;
• 2026–2027 йилларда чет эл фуқаролари томонидан амалга ошириладиган харидлар ҳажмини 10 бараварга ошириш.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан:
• республиканинг барча халқаро аэропортларида чет эл фуқароларига ҚҚСни қайтариш тизими йўлга қўйилади;
• чет эл фуқароларига уларнинг ихтиёрига асосан ҚҚСни нақд пулда қайтариб олиш имконияти яратилади. Бунда қўшилган қиймат солиғининг белгиланган ставкаси миқдорининг 85% чет эл фуқаросига қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтаришга, 15% tax free тизими операторининг хизматларига йўналтирилади;
• ҚҚСни чет эл фуқароларининг банк картасига қайтариш товарлар олиб чиқиб кетилган кундан кейин 3 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади;
• чет эл фуқароларига ҚҚСни қайтаришда минимал харид қиймати ҚҚСни инобатга олган ҳолда 300 минг сўм этиб белгиланади;
• tax free тизими татбиқ этиладиган товарларнинг чегараланган рўйхати (бундан озиқ-овқат маҳсулотлари мустасно) бекор қилинади.





