Ғазода ёрдам тарқатиш нуқтаси яқинида камида 24 киши ҳалок бўлди
Рафаҳда ёрдам тарқатиш нуқтаси яқинида 24 фаластинлик ҳалок бўлди, ўнлаб киши яраланди. Бу ҳақда маҳаллий соғлиқни сақлаш расмийларига таяниб Reuters хабар берди.
Қайд қилинишича, бугун Ғазо секторининг жанубидаги Рафаҳ шаҳри яқинида жойлашган озиқ-овқат тарқатиш маркази атрофида Исроил ҳарбийлари томонидан ўқ узилиши оқибатида камида 24 нафар фаластинлик ҳалок бўлиб, яна ўнлаб одамлар жароҳат олган.
Исроил мудофаа кучлари баёнотига кўра, ёрдам маркази яқинида белгиланган йўналишдан чиқиб кетган бир гуруҳ шахслар аниқланиб, дастлаб огоҳлантирувчи ўқ узилган. Улар чекинмагач, қўшимча ўқ узилган.
Бу ҳодиса АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган «Ғазо гуманитар жамғармаси» ёрдам тарқатиш операцияси доирасида юз берган. Жамғарма бугун 21 та юк машинасида озиқ-овқат тарқатилганини ва операция тинч ўтганини билдирган.
Агентлик ёзишича, Рафаҳда охирги уч кун давомида ёрдам олишга тўпланган фуқароларнинг ўлдирилиши ҳолатлари кузатилмоқда. Якшанба куни 31, душанба куни эса 3 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган.
Исроил томони ушбу хабарларни рад этиб, уларни «HAMAS’нинг сохта ахборот кампанияси» деб атаган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш бу ҳолатдан даҳшатга тушганини билдириб, мустақил тергов ўтказишга чақирган.