Наманганда 11-синф ўқувчиси унаштирилган 27 ёшли йигити томонидан пичоқлаб ўлдирилди

Наманган вилоятининг Косонсой туманида эркак киши мактаб ўқувчиси бўлган бўлажак рафиқасини ўлдириб қўйди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Ҳодиса 6 май куни соат 08:30 атрофида «Ёшлик» маҳалласида содир бўлган. Хусусан, 27 ёшли Н. М. ва 17 ёшли К. И. ўртасида рашк оқибатида жанжал келиб чиққан. Баъзи маълумотларга кўра, можаро битирув кечаси учун танланган кўйлак сабабли юз берган.

Таъкидланишича, эркак 11-синф ўқувчисининг кўкрак ва қорин соҳасига бир неча бор пичоқ билан зарба бериб, воқеа жойидан қочиб кетган. Қиз шифохонада вафот этган.

Воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи етиб борган. Ашёвий далилларни тўпланиб, тегишли экспертизалар тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган, гумонланувчи қўлга олинган.

Ўзбекистон