Тошкентда рухсати йўқ ташқи реклама воситалари олиб ташланади
Пойтахтда тегишли рухсат ҳужжатлари бўлмаган ташқи реклама воситалари — баннерлар, шитлар ва пешлавҳалар олиб ташланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.
Расмийларга кўра, ушбу конструкциялар шаҳарнинг эстетик кўринишига путур етказмоқда ва пиёдалар ҳамда транспорт қатновига жиддий тўсқинлик қилмоқда.
Хусусан, ноқонуний ўрнатилган реклама объектлари:
• Oбодонлаштириш қоидаларини бузмоқда;
• Йўлак ва йўл четларини тўсиб, фуқаролар, айниқса имконияти чекланган шахслар ҳаракатини қийинлаштирмоқда;
• Йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солмоқда;
• Mуҳандислик тармоқлари, жумладан суғориш каналларига зарар етказиб, ёмғирли кунларда сув тўпланишига сабаб бўлмоқда.
Хабарда ҳокимлик барча тадбиркорлар ва ижарачиларга мурожаат қилиб, реклама объектларининг қонунийлигини текшириб чиқишга чақирган.
Рухсатномаси бўлмаган реклама воситалари учун жарима ва демонтаж харажатларининг олдини олиш мақсадида, уларни ўз вақтида олиб ташлаш тавсия этилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида ташқи рекламани жойлаштириш фақат ваколатли органлар томонидан берилган расмий ҳужжатлар асосида амалга оширилиши кераклиги эслатиб ўтилган.