Ўзбекистонда рецептсиз дори-дармонлар нархини тартибга солиш тўхтатилади

Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан бошлаб тиббий буюмлар ва рецептсиз дори-дармонларга нарх чекловлари бекор қилинади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

2017 йилдан бери дорихоналар учун энг юқори устама асосий қийматнинг 20 фоизини, тарқатувчилар учун 15 фоизини, ижтимоий аҳамиятга эга дорилар учун эса харид ёки улгуржи нархнинг 10 фоизидан ошмайдиган миқдорни ташкил этган.

Президентнинг «Фармацевтика соҳасини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра, 1 апрелдан бошлаб мазкур устамалар фақат рецепт асосида бериладиган дори воситаларига нисбатан қўлланилади.

Ҳужжатда, шунингдек, бир ишлаб чиқарувчи томонидан бир хил таркибли, аммо турли савдо номлари остида бир нечта дори воситалари ишлаб чиқарилган тақдирда, бундай барча дори воситаларига энг паст референт нарх қўлланилиши белгилаб қўйилган.

Аввалроқ, фармацевтикада стартап лойиҳаларни молиялаштирадиган венчур жамғармаси ташкил этилиши ҳақда хабар берилган эди.

Қарорлар