Россиянинг Киевга учирган дронлари оқибатида 63 киши жароҳатланди

Россия қўшинлари 24 апрелга ўтар кечаси Киев шаҳрига ракета ва дронлар билан ҳужум қилди. Ҳодиса оқибатида 9 киши ҳалок бўлди, 63 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати хабар берди.

Киевга турли йўналишлардан баллистик ракеталар билан аралаш ҳужумлар амалга оширилмоқда. Душманнинг стратегик авиацияси томонидан янги ракета учирилиши ҳам қайд этилди, деди шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко.

У Украина пойтахтининг учта тумани — Голосеев, Шевченков ва Святошинскда камида тўққизта ёнғин содир бўлганини айтди. Ткаченко Россия ҳужумлари хавфи яқин соатларда сақланиб қолишини таъкидлади.

Фуқаролик инфратузилмасига зарбалар етказилган. Вазият жуда жиддий. Рус дунёсининг нафаси бутун даҳшати билан намоён бўлмоқда, деди у.

Киев мэри Виталий Кличко икки киши ҳалок бўлгани ва 54 киши жароҳатлангани, шунингдек, учувчисиз учиш аппарати бўлаклари нотурар жой биносига тушгани, гаражлар ва автомобиллар ёниб кетганини маълум қилди.

Мазкур баёнотдан сўнг Украина фавқулодда вазиятлар хизмати ҳужум оқибатида 9 киши ҳалок бўлгани ва 63 киши жароҳатланганини маълум қилди. 42 киши, шу жумладан, 6 нафар бола касалхонага ётқизилган.

Янгиликлар