Россияга кириш учун QR-код талаб қилинади

2025 йил 30 июндан бошлаб визасиз тартибда Россияга кираётган чет эл фуқаролари «Gosuslugi RuID» мобил иловаси орқали олдиндан рўйхатдан ўтиб, QR-код олишлари шарт бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси Консуллик бўлими маълум қилди.

QR-код чегарадан ўтиш вақтида тақдим этилиши талаб этилади.

Рўйхатдан ўтиш жараёнида фойдаланувчилар қуйидагиларни амалга ошириши керак:

• шахсий кабинет яратиш;

• шахсий маълумотлар ва фотосурат юклаш;

• Россияда қолиш муддатини кўрсатиш.

Ариза Россияга сафардан камида 72 соат олдин топширилиши лозим. Агар сафар зарурати кутилмаганда, яъни оғир касаллик ёки яқин қариндошнинг вафоти каби ҳолатларда юзага келса, аризани 4 соат қолганда ҳам топшириш мумкин.

Қуйидаги тоифадаги шахслар рўйхатдан ўтишдан озод этилади:

• Беларусь фуқаролари;

• 6 ёшгача бўлган болалар;

• Россия визаси, вақтинча ёки доимий яшаш рухсатномасига эга бўлган шахслар.

6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун ариза уларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари томонидан топширилади. Бунда уларда ҳам шахсий рўйхатдан ўтиш коди бўлиши шарт.

 

Жаҳон