Шахснинг розилигисиз суратга олишни тақиқловчи қонун депутатлар томонидан қабул қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фуқароларнинг тасвирини ҳимоя қилиш ҳуқуқини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатда шахсни тасвирга олиш ва тасвирдан фойдаланиш учун розилик олиниши шартлиги белгиланган. Шунингдек, болалар тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда ҳуқуқнинг мустақил субъектлари сифатида эътироф этилиши ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Шу тариқа, шахснинг розилигисиз уни тасвирга олиш ва тасвирдан фойдаланишга рухсат этиладиган ҳолатлар белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, видеокузатув амалга оширилганда шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш бўйича талаблар ҳам белгиланмоқда.
Шу билан бирга, 16 ёшга тўлмаган болаларни тасвирга олиш ва уларнинг тасвиридан фойдаланиш фақатгина ота-оналардан бири ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг розилиги билан амалга оширилиши лозимлиги белгиланмоқда.
Бундан ташқари, жамоат жойларида видеокузатув тизимлари ўрнатилган тақдирда, унинг мавжудлиги ҳақида эслатувчи белги жойлаштирилиши шарт. Лойиҳада видеокамераларни қўйиш мумкин бўлмаган жойлар аниқ белгилаб қўйилган масалан, кийиниш хоналари ва ҳожатхоналарда.
Депутатлар таъкидлашича, қонун лойиҳаси нормалари фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги бўйича конституциявий ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга ҳамда инсон ҳуқуқлари доирасида унинг тасвирига нисбатан ҳимояни таъминлашга қаратилган.