Саудия Арабистони ҳажга рухсатномасиз келганларни 10 йилга депортация қилади

Саудия Арабистони 29 апрелдан бошлаб ҳаж амалларини рухсатсиз адо этганларга ва уларга кўмак берганларга нисбатан жазо чораларини кучайтирди. Бу ҳақда «Saudi Gazette» нашри хабар берди.

Қайд этилишича, энди бундай шахсларга жарима солинади ёки депортация қилинади. Макка ва Мадина шаҳарларига эса фақат ҳаж учун махсус виза билан киришга рухсат берилади.

Қоидаларга риоя қилмаганларга қуйидаги чоралар қўлланади:

• Ҳаж ибодатини рухсатномасиз адо этаётган ёки адо этишга уринаётган шахсларга 20 минг Саудия риали (тахминан 5,3 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима солинади.

• Ташриф визаси билан Макка ҳудудига киришга ёки у ерда қолишга уринганларга ҳам худди шундай жарима қўлланади.

• Рухсатсиз ҳаж қилишда иштирок этганларга ёки уларга бошпана берганларга 100 минг Саудия риали (тахминан 26 минг АҚШ доллари)гача жарима белгиланади.

• Қоидабузарликда қатнашган транспорт воситалари мусодара қилинади.

• Рухсатсиз Маккага кириб ҳаж қилишга уринган шахслар ўз мамлакатига депортация қилинади ва 10 йил давомида Саудия Арабистонига кириш тақиқланади.

Саудия Туризм вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йилги ҳаж мавсуми давомида Макка шаҳрида фақат махсус рухсатномага эга зиёратчилар жойлаштирилади. Бу чекловлар 10 июнь, яъни ҳаж амаллари якунлангунга қадар амал қилади.

Жаҳон