Мажбурий автосуғурта суммаси икки баравар оширилиши маълум қилинди

2026 йилдан транспорт эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги бўйича суғурта суммаси 40 млн сўмдан 80 млн сўмгача оширилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 23 июлдаги қарорида белгиланди.

Янги тартиб ЙТҲ оқибатида жабрланган фуқароларнинг мол-мулки, ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни ҳозирги кун талаблари асосида қоплаш имконини беради. Қарорга кўра, суғурта тарифлари актуар ҳисоб-китобларга асосан қайта кўриб чиқилган, мукофотлар бозор механизмларига мослаштирилган ва ҳайдовчилар сонига қараб чекланган ҳамда чекланмаган полислар жорий этилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, суғурта даъволари ва низоларни кўриб чиқиш тартиби аниқ белгиланди. Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси ҳуқуқий маслаҳатлар ва ЙТҲ бўйича аджастерлик хизматларини кўрсатиш ваколатига эга бўлади.

2026 йил 1 апрелдан эса Ягона суғурта биллинг тизими ишга туширилади. Бу полисларни расмийлаштиришда тушумларнинг марказлашган ҳисобини юритиш имконини беради. Мажбурий суғуртани назорат қилиш тартиби аниқлаштирилиб, тегишли органлар билан электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилади.

Шунингдек, мажбурий суғуртани бажармаган фуқароларни маъмурий жавобгарликка тортиш тартибини такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Қарор Президентнинг 2024 йил 1 мартдаги «Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида қабул қилинган. Мазкур қарорга асос бўлган омиллар орасида суғурта суммасининг автотранспортга етган зарарларни қоплашга етмаётгани ва соҳани тартибга солишга оид мурожаатлар сонининг ортиб бораётгани келтирилган.

 

Қарорлар