Хоразмда ноқонуний саксовул ташувчилар экология инспекторларини калтаклади
Хоразм вилоятида саксовулфурушлар экология инспекторларига совуқ қуроллар билан ҳужум қилиб, уларни жароҳатлантирди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
15 июль куни Бухоро вилояти Экология бошқармаси ходимлари Пешку туманидаги «Сафрон» чўл ҳудудида рейд ўтказган. Терговга кўра, Хоразмда яшовчи номаълум шахслар «ЗИЛ» юк машинасида саксовул ортиб, ҳудуддан чиқиб кетаётган вақтида инспекторлар уларни JAC автомобили орқали таъқиб қилган.
110 км давом этган қувиш натижасида «ЗИЛ» машинаси А-380 йўли орқали Хоразмга ўтган. Шундан сўнг номаълум фуқаролар Isuzu юк машинаси билан экологлар йўлини тўсиб, автомобилга ва бошқарма бошлиғи Ж.Тошевга бита, арматура ва темир труба билан ҳужум қилган.
Шунингдек, инспекторлар Н.Муҳаммадиев ва О.Ҳесенов оғир тан жароҳатлари олган. Муҳаммадиевнинг оёғи сингани маълум қилинди. Уларга ҳужум қилганлар инспекторларни юк машинасига ортиб олиб кетишга уринган, бироқ улар ҳаракатдаги машинадан сакраб, қочиб кетган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Тўпракқалъа тумани прокуратураси томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.