Ўзбекистонда инновацион инфратузилма субъектлари сони 3 бараварга оширилади
Президентнинг «2022–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Фармон билан 2022–2026 йилларда Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегияси тасдиқланди.
Кичик тадбиркорликнинг инновацион фаоллигини ошириш орқали ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий жадал ўсишини таъминлаш стратегиянинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, фармонга мувофиқ стратегияни амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари ҳамда ҳудудлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.
Мақсадли кўрсаткичлар доирасида:
- инновацион фаолият субъектлари сони 613 тадан 2250 тагача етказилади;
- инновацион инфратузилма субъектлари сони 3 бараварга оширилади;
- инновацион тадбиркорлик натижасида яратиладиган янги иш ўринлари сони 4 бараварга оширилади.
2022 йил 1 августдан инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишда «тармоқ-ҳудуд-илмий/олий таълим ташкилот» занжирининг яхлит тизими жорий этилади.
2022 йил 1 августдан «тубдан янгиловчи» инновациялар яратишни рағбатлантиришнинг қуйидаги тизими жорий этилади.
- маҳаллий илмий ташкилотлар ва корхоналарга инновацион товарлар бўйича давлат органлари билан шартномаларни тўғридан-тўғри имзолаш ҳуқуқи берилади;
- устав фондида 50 ва ундан кўп фоиз давлат улуши бор хўжалик жамиятларида фойда солиғини тўлагунгача унинг 10 фоизгача ажратмаларидан Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
Бунда:
- маблағлар тубдан янгиловчи инновацияларни яратишга ва жорий қилишга йўналтирилади;
- жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар портфели Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилади.