Швейцария суди Гулнора Каримова ва унинг жиноий шерикларининг 336 млн доллар маблағларини мусодара қилди

Адлия вазирлиги матбуот котибининг ёзишича, Гулнора Каримова ва унинг бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг активларини мусодара қилиш бўйича ишлар Швейтсария суд органларига оширилган.

Қайд этилишича, ундирилиши лозим бўлган жами сумма давом этаётган жиноий иш жараёнига боғлиқ бўлади, лекин тақрибан 686 миллион долларга тенг. Ушбу ишлар Швейтсария судларида кўриб чиқилиб, қарийб 336 миллион доллар узил-кесил мусодара қилинган. Шундан 131 миллион доллар Ўзбекистонга қайтиши хал бўлган, 205 миллион доллар бўйича эса якунига етмоқда.

Ҳозирги кунда, қўшимча 350 миллион доллари миқдоридаги маблағларни мусодара қилиш масаласи Швейтсария судларида кўриб чиқилмоқда. 16 август куни Ўзбекистон Республикаси ва Швейтсария Конфедерацияси ўртасида «Швейтсария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида»ги битим имзоланган.

Мазкур битим ноқонуний орттирилган тақрибан 131 млн АҚШ долларига тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришни, қайтаришнинг асосий принсплари, механизм ва мақсадларини белгилайди.

Қайтарилаётган маблағлар ижтимоий соҳага йўналтирилиши, асосан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ривожлантиришга ишлатилиши режалаштирилмоқда.

Янгиликлар