Афғонистонда жума намози пайтида масжид портлатилди
Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги Гўзаргоҳ масжидида 2 сентябрь куни жума намози пайтида портлаш содир бўлди.
«Tolo news» дастлабки маълумотларга таяниб, портлаш оқибатида «Толибон» ҳаракатини қўллаб-қувватловчи баёнотлари билан танилган масжид хатиби Мужиб ар-Раҳмон Ансорий ҳалок бўлганини маълум қилган.
Кейинчалик Ҳирот губернаторлиги матбуот хизмати Мужиб ар-Раҳмон Ансорий ва яна 6 кишининг ҳалок бўлганини расман тасдиқлаган. Полиция эса ҳужум қурбонлари сони 29 кишига етганини таъкидлаган.
Маълумотларга кўра, «Толибон» ҳаракати бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдулғани Бародар 2 сентябрь куни Ҳиротга бориб, бир неча соатдан кейин жума намози вақтида масжиддаги портлашда ҳалок бўлган Мужиб ар-Раҳмон Ансорий билан биргаликда иқтисодий форумда нутқ сўзлаган. Аммо унинг масжиддаги жума намозида бўлган ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.