Оилавий поликлиникадан узоқда яшовчилар учун сайёр тиббий хизматлар ташкил қилинади
Оилавий поликлиникадан 10 км ва ундан узоқда яшовчилар учун сайёр тиббий хизматлар ташкил қилинади. Бу ҳақда президентнинг тегишли фармонига таяниб Адлия вазирлиги хабар берди.
Фармонга кўра, эндиликда оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктлари, уларга филиал сифатида бириктирилган муассасалар, маҳалла тиббиёт масканлари аҳолининг сонига қараб юридик мақомга эга бўлган оилавий поликлиникалар ва уларнинг филиалларига айлантирилади.
Бу муассасаларда аҳоли учун оилавий шифокор, педиатр, гинеколог, диагностика ҳамда шартнома асосида стоматология хизматлари йўлга қўйилади. Ҳар бир фуқаро оилавий шифокорни эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Тиббиёт бригадасига 3 минг нафаргача аҳоли бириктирилиши мумкин, аммо 2030 йилгача бу кўрсаткич 1,7 минг нафардан ошмаслиги белгиланган. Оилавий поликлиникаларда ишлайдиган тиббиёт ходимлари фақат тўлиқ ставкада фаолият юритади.