Ўзбекистонда 90 кундан ортиқ хорижда бўлган фуқароларни ОИВ тестидан ўтказиш қонуни Сенат томонидан маъқулланди
Олий Мажлис Сенати юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Сўнгги йилларда мамлакатда меҳнат миграцияси кўлами ортиб, чет элдан қайтган фуқаролар сони кўпайга айтилмоқда. Ўзбекистонга ҳам кўплаб чет эл фуқаролари тижорат, меҳнат қилиш мақсадларида кириб келмоқда. Ушбу тоифадаги шахсларнинг айримлари орасида ихтиёрий ўтказилган текширув натижалари уларда инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар мавжудлигини кўрсатган.
Хусусан, 2024 йилда узоқ муддат чет элда бўлиб қайтган 1,7 млн фуқаронинг фақат 434 минги ёки 25 фоизи ихтиёрий равишда ОИВ/ОИТСга текширилган. Уларнинг 1 512 нафарида бундай касаллик аниқланган. Бундан ташқари, 2024 йилда 12,7 мингдан ортиқ чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ихтиёрий равишда ОИВ/ОИТСга текширилган ҳамда уларнинг 81 нафари бундай касалликка чалингани аниқланган.
Натижада, қонун билан «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги, «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги ва «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, узлуксиз 90 кун ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб қайтган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар, мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш белгиланмоқда, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, ОИВ/ОИТС ва сил касаллиги аниқланиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома беришни рад этиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан ушбу Қонун инсон учун хавфли бўлган юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга, меҳнат миграцияси жараёнида ижтимоий хавфсизликни таъминлашга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.