Олимпия шаҳарчаси қурилиши якунланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 август куни Тошкент шаҳрида қуриб битказилган Олимпия шаҳарчасига ташриф буюрди.

Унинг қурилишига 2022 йил 9 ноябрда тамал тоши қўйилган эди. Давлат раҳбари ушбу Олимпия шаҳарчаси юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзига айланиши, меъморий жиҳатдан мукаммал, энергия тежамкор ва энг илғор инновацион ечимларни мужассам қилган замонавий мажмуа бўлишини таъкидлаганди.

Натижада, қисқа вақт ичида 100 гектардан зиёд майдонда муҳташам мажмуа қад ростлади. Қарийб 290 миллион долларлик ушбу ноёб лойиҳа CAMC Engineering компанияси томонидан халқаро талабларга мувофиқ амалга оширилди. Шаҳарчада 5 та асосий спорт мажмуаси жойлашган.

Таъкидланишича, Велодром мураккаб муҳандислик ечимлари асосида, ўзига хос дизайнда қурилган. Жумладан, йўлак энг мустаҳкам дарахтлардан ясалган, қаватма-қават ётқизилган. Бу сифат мунтазам сақланиши учун велодромда йил давомида бир хил ҳарорат таъминланади. Ҳатто велоспортчиларга ҳаво қаршилигигача инобатга олинган.

Трекка ёруғлик бир хил ва тенг даражада тушишиб, ўриндиқлар 2 минг 200 кишига мўлжалланган. Шунингдек, мажмуа кўп функцияли бўлиб, бу ерда стол тенниси, қиличбозлик бўйича мусобақа ва машғулотлар ўтказиш ҳам мумкин.

Шаҳарча марказида 12 минг ўринли стадион жойлашган. Халқаро турнирлар пайтида бу ерда тантанали маросимлар ташкил этилади. Асосийси, яшил майдон ва 9 қаторли югуриш йўлагида енгил атлетиканинг 48 та йўналиши бўйича мусобақалар ўтказилади. Жумладан, жаҳон чемпионати, Бриллиант лигаси, параатлетика баҳслари, кўзи ожизлар ўртасида IBSA ўйинларини ташкил этиш мумкин. Бошқа пайтларда стадиондан маҳаллий ўқув-йиғинлар, амалий машғулотлар орқали дуал таълимда фойдаланилади.

Улкан сув спорти саройида 25х50 метрли сузиш ва 25х20 метрли сувга сакраш ҳавзалари, машғулотлар учун бассейн ва тренажёр заллари бор. Барча шароитлар ва ўлчамлар халқаро олимпия стандарти талабларига жавоб беради.

Жамоавий ва яккакураш спорт турлари мажмуалари ҳам халқаро талаблар даражасида бунёд этилган. Уларнинг ҳар бири уч қаватли, 2 минг ўринли. Жумладан, биринчисида волейбол, баскетбол ва гандбол бўйича машғулот ва халқаро мусобақаларни ўтказиш мумкин.

Олимпия шаҳарчасида футбол, волейбол, теннис, чим устида хоккей, енгил атлетика кабилар бўйича 15 та очиқ майдон ҳам барпо этилди. Бундан ташқари, 400 ўринли паралимпия ётоқхонаси, спорт тиббиёти илмий-амалий маркази қурилиши якуний босқичда.

Ўзбекистон