Шаҳрисабз аэропорти вақтинча ёпилади

Қашқадарё вилоятидаги Шаҳрисабз аэропорти таъмирлаш ишлари сабаб вақтинчалик ёпилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 13 март Тошкент вақти билан соат 05:00 дан 25 март 05:00 гача аэропорт ўз фаолиятини вақтинча тўхтатади.

Учиш-қўниш йўлагининг узоқ муддат — 1983 йилдан бери ишлатилиши муносабати билан ҳамда ҳаво кемаларининг қўниши ва учиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кенг капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади, дейилади хабарда.

Хусусан, 1554 метр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги юзасини алмаштириш ва мустаҳкамлаш режалаштирилган. Шунингдек, юриш йўлагининг устки қатлами ҳам таъмирланади. Танлов натижаларига кўра, қурилиш-таъмирлаш ишларини «Фарғона йўллардан мунтазам фойдаланиш корхонаси» олиб боради.

Қайд этилишича, шу пайтгача Шаҳрисабз аэропортида самолётларни қабул қилиш имконияти чекланган эди — парвозлар ҳафтасига икки марта кичик L-410 самолётларида амалга ошириларди. Учиш-қўниш йўлаги таъмирлангандан сўнг аэропорт ўрта масофага мўлжалланган замонавий АТR-72 самолётларини ҳафтасига уч мартагача қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Жаҳон