Сингапур ва Гонконгда COVID-19нинг янги тўлқини хавфи бор
Гонконг ва Сингапурда коронавирус ҳолатларида кескин ўсиш кузатилмоқда. Бу ҳақда Bloomberg’га таяниб Hindustan Times хабар берди.
Хабарга кўра, Гонконгда 3 майда якунланган ҳафта давомида оғир ҳолатлар кузатилиб, ўлимлар сони 31 тага етган.
Маҳаллий Соғлиқни сақлаш марказининг Юқумли касалликлар бўлими раҳбари Алберт Ау вирус фаоллигини «жуда юқори» деб баҳолаган. Гонконгда нафақат лабораторияда аниқланган ҳолатлар кўпайган, балки оқова сувларда аниқланган вирус юкламаси ҳам ошган. Шунингдек, шифокорларга мурожаат қилувчилар ва касалхонага ётқизилганлар сонида ҳам сезиларли ўсиш бор.
Сингапурда эса 3 майда тугаган ҳафтада COVID-19 ҳолатлари 28% га кўпайиб, беморлар сони 14 200 нафарга етган. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳолатларнинг ортишига одамлар иммунитетининг пасайгани сабаб бўлиши мумкин. Айни пайтда, тарқалаётган штаммлар пандемия давридагидек хавфли ёки юқори юқумли экани тўғрисида далиллар мавжуд эмас.
Мутасаддилар аҳолига, айниқса хавф гуруҳига мансуб шахсларга қўшимча эмлаш (booster) олишни тавсия қилмоқда. Шунингдек, шахсий гигиена ва жамоат жойларида эҳтиёт чораларига риоя қилиш муҳимлиги таъкидланмоқда.