«У ҳеч қандай масалада мурожаат қилмади». Мубашшир Аҳмаднинг соғлиги ҳақида тарқалган хабарлар ўрганилди

Маҳкум Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсуновнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабарлар тарқалди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг Навоий вилоятидаги ижросини таъминловчи вакили вилоятдаги 5-сонли жазони ижро этиш муассасасига мониторинг ташрифини амалга ошириб, вазиятга изоҳ берди.

Хусусан, колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум A.Т. нинг соғлиғи ва сақланиш шароити ўрганилган. Мониторинг давомида маҳкумлар билан, шу жумладан маҳкум A.Т. билан ҳам ҳоли тарзда суҳбат ўтказилиб, унинг соғлиғига оид тиббий ҳужжатлар билан танишилган.

A.Т. муассасада тиббий ёрдам кўрсатилишидан шикояти йўқлигини, мунтазам равишда тўлиқ тиббий текширувдан ўтказиб келинаётганлигини, фақатгина аввалдан мавжуд бўлган касалликлари туфайли соғлиғида бироз ўзгаришлар борлигини ва тегишли тиббий ёрдам олаётганлигини қайд етди, — деб таъкидланди.

Шунингдек, А.Т. муассасада ўз хоҳишига кўра меҳнатга жалб етилганлиги (ошхона ишлари билан шуғулланади) ҳамда қонунчиликда белгиланган вақтлардан ташқари ортиқча меҳнатга жалб етилмаганлигини, иш шароити меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ еканини айтиб ўтди.

Шу билан бирга, маҳкум озиқ-овқат таъминоти ва яшаш шароити бўйича ҳам шикоят билдирмаган. Унинг сўзларига кўра, соғлиғидан келиб чиқиб, белгиланган норма бўйича озиқ-овқат берилмоқда.

Маҳкум A.Т. билан ўтказилган ҳоли тарздаги суҳбатда у ҳеч қандай масалада мурожаат қилмади, — дейилади хабарда.

Шунингдек, Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ушбу муассасага 2025-йилнинг ноябр ва декабр ойларида амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида ҳам маҳкум A.Т. томонидан мурожаатлар келиб тушмагани билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, cуд ҳукмига кўра А. Т. Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми, 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Турсуновга Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ўзбекистон