Мубашшир Аҳмад 2,6 йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман суди Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсуновга нисбатан ҳукм чиқарди, деб хабар қилди Олий суд матбуот хизмати.
Суд ҳукмига кўра А. Т. Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми, 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Турсуновга Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Шу билан бирга Интернет тармоғидаги Facebook, Instagram ижтимоий тармоқлари, Telegram мессенжери ҳамда YouTube видеохостингидаги Mubaşşir Ahmad ва Azon Global – Муқобил ахборот-таҳлилий канали номли саҳифалар (каналлар) фаолияти тўхтатилиб, блокланиши белгиланди.
Шунингдек, судининг ушбу ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинди.