Ҳудудларда сифати кафолатланмаган дори ва тиббий буюмлар савдосининг олди олинди
Андижон ва Тошкент вилоятларида сифати тасдиқланмаган дори воситалари ва тиббий буюмларни ноқонуний муомалага чиқаришга уриниш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Д.Р. ва турмуш ўртоғи Б.У. Оnix русумли автомашинада ҳеч қандай ҳужжатларсиз 16 турдаги, жами 1174 дона дори воситаларини Қўрғонтепа туманидаги дорихонага етказиш мақсадида олиб кетаётган вақтида қўлга олинган. Текширув давомида уларнинг яшаш хонадони ҳамда дори воситаларини етказиб берган «Ж.О.» МЧЖдан умумий қиймати 427,8 млн сўмлик, ҳужжатсиз 2841 дона хорижда ишлаб чиқарилган дори воситалари аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.
Шунингдек, Департаментнинг Нурафшон шаҳри бўлими ва божхона ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган бошқа тезкор тадбирда фуқаро М.А. бошқарувидаги Cobalt русумли автомашина ва яшаш манзилидан айланма йўллар орқали республика ҳудудига савдо мақсадида олиб кирилган, умумий баҳоси 311,1 млн сўмлик 36 турдаги ҳужжатсиз тиббий буюмлар топилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25 ва 186-3-моддалари (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари ёки тиббий буюмларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёки сотиш) бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.