Ҳиндистон ва Покистон бир-бирига авиазарба йўллади
7 майга ўтар кечаси Ҳиндистон расмийлари «Sindoor» номли ҳарбий операцияни бошлаб, Покистон ва Кашмирнинг Покистонга қарашли ҳудудидаги «террорчилик инфратузилмаси» га авиазарбалар йўллаганини эълон қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Хабарда Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги баёнотига таяниб, ҳужум давомида 9 та объект нишонга олингани, лекин зарбалар Покистон қуролли кучларига эмас, фақат террорчилик объектларига қаратилгани, Ҳиндистон армияси эса бу ҳаракатни «аниқ ва вазмин» деб баҳолагани келтирилган.
Покистон эса зарбалар тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга берилганини билдирдириб, мамлакат ҳаво ҳудудини 48 соатга ёпган. Ҳужум оқибатида камида 8 киши ҳалок бўлганини ва 35 киши яраланганини маълум қилган.
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Ҳиндистоннинг бу ҳаракатини «уруш акти» деб баҳолаб, мамлакат «тегишли жавоб беришга тўлиқ ҳақли» эканини таъкидлаган. Орадан кўп ўтмай Покистон Ҳиндистонга қарши жавоб зарбасини амалга оширган.
Покистон ахборот вазири Аттаулла Тарарнинг маълум қилишича, жавоб зарбалари натижасида Ҳиндистонга тегишли 5 та қирувчи самолёт ва битта дрон уриб туширилган. Шунингдек, Ҳиндистон қуролли кучларининг бригада штаби ҳамда Кашмирдаги ажратувчи чизиқ бўйлаб жойлашган постлар йўқ қилинган.
Ҳиндистон томони эса Покистоннинг бу баёнотларини ҳозирча расман тасдиқламаган.
Мазкур кескинлик туфайли қатор халқаро авиакомпаниялар минтақадаги парвоз йўналишларини вақтинча ўзгартирган.