Сингапур президенти парламентни тарқатиб юборди
Сингапур президенти Тарман Шанмугаратнам уч ой ичида ўтказилиши кутилаётган умумий сайловлар олдидан парламентни тарқатганини эълон қилди.
Бу сайловлар бош вазир Лоуренс Вонг учун биринчи сайлов синовига айланади. У 2024 йил майда узоқ вақт бош вазир лавозимини эгаллаб келган Ли Сян Луннинг ўрнига Халқ ҳаракати партияси (ХHP) раҳбари сифатида тайинланган эди.
Reuters ахборот агентлигининг ёзишича, ХHP деярли шубҳасиз ғалаба қозонади ва 1965 йилда мустақилликка эришганидан буён барча сайловлардаги каби кўпчилик ўринларни эгаллайди.
Сайловлар мураккаб иқтисодий вазият шароитида ўтказилиши кутилмоқда. Чунки АҚШ президенти Дональд Трамп жорий этган божхона тарифлари савдога боғлиқ бўлган мамлакат иқтисодий фаолиятига жиддий зарар етказиши мумкин.
Кутилаётган сайловларда 2020 йилдаги охирги сайловларга нисбатан тўртта кўпроқ ўрин бўлади: 97 нафар қонун чиқарувчи, 15 та бир мандатли сайлов округидан ҳамда ҳар бирида 4 ёки 5 аъзо бўлган 18 та кўп мандатли сайлов округидан сайланади.