Амрилло Иноятов янги лавозимда иш бошлади
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан Амрилло Шодиевич Иноятов Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти директори лавозимига тайинланди.
2023 йилнинг сентябр ойида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти этиб қайта ташкил қилинганди.
Амрилло Иноятов 1979 йилда туғилган. 2001 йил Бухоро давлат тиббиёт институтини, 2005 йилда Тошкент тиббиёт академиясида «Болалар юз-жағ жарроҳлиги» мутахассислиги бўйича аспирантурани тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Бухоро давлат тиббиёт институти илмий-текшириш лабораториясида бошлаган. 2006-2014 йилларда ушбу институтнинг «Хирургик стоматология» кафедраси ассистенти, мазкур кафедра мудири, Стоматология факултети декани вазифаларида ишлаган. 2014-2020 йилларда Тошкент давлат стоматология институти Бухоро филиалининг Стоматология факултети декани, ушбу филиал директори, Бухоро давлат тиббиёт институти ректори сифатида фаолият кўрсатган.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Амрилло Иноятов 2020 йил июлида Ўзбекистон президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланган.