Ядро ҳодисаси юз берса аҳолига товон тўланади
Ўзбекистон ядровий ҳодисалар оқибатида етказилган зарарни қоплашни кўзда тутувчи Вена конвенциясига қўшилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида муҳокама қилинди.
Mажлисда «Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига (1963 йил 21 май) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Қайд қилинишича, мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг фуқаролик ядро объектларида юзага келадиган ҳодисалар оқибатида етказилган зарарни қоплаш бўйича халқаро нормаларга қўшилишини назарда тутади. Конвенцияга қўшилиш орқали ядро ҳодисаси юз берганда зарар кўрган фуқароларга товон тўланиши, ядро қурилмалари операторларининг аниқ жавобгарлиги белгиланиши ва зарарни қоплаш учун ишончли молиявий механизмлар яратилиши таъминланади.
Бундан ташқари, конвенция ядро хавфсизлиги тизимига бўлган ишончни оширади, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва бу соҳадаги замонавий стандартларга риоя этилишини кафолатлайди.