Саудия Арабистони спиртли ичимликларга қўйилган тақиқ бекор қилинмаслигини маълум қилди
Саудия Арабистони ҳукумати мамлакатда 73 йилдан бери амал қилиб келаётган алкоголь маҳсулотларини сотиш ва истеъмол қилишга қўйилган тақиқни бекор қилиш ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда Al Ain нашри хабар берди.
Аввалроқ хорижий ОАВлар Саудия Арабистони 2026 йилгача 600 та туристик объектда вино, пиво ва сидр савдосига рухсат бермоқчи экани ҳақида хабар тарқатганди.
Ушбу маълумотларда бу қарор «Vision 2030» миллий стратегияси доирасида қабул қилингани, ушбу стратегия эса туризм ҳажмини ошириш ва 2030-йилги Жаҳон кўргазмаси ҳамда 2034 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарликни назарда тутиши айтилган эди.
Хусусан, алкоголь маҳсулотлари савдосига фақат қатъий назорат остидаги жойларда — беш юлдузли меҳмонхоналар, ҳашаматли дам олиш масканлари ва экспатларга мўлжалланган турар жой мажмуаларида рухсат берилиши айтилган эди.