ССВ шошилинч зарурат бўлмаганда тез ёрдамга қўнғироқ қилмасликни сўради

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 11 ойда тез ёрдамга мурожаат қилганларнинг атиги 9 фоизи шифохонага ётқизилгани, қолган 91 фоиз ҳолатда жиддий ёрдам зарур бўлмаганини келтириб, шошилинч зарурат бўлмаганда тез ёрдамга қўнғироқ қилмасликни сўради.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг ўн бир ойи давомида аҳоли томонидан 103 хизматига бўлган жами мурожаатлар сони 11 миллион 604 минг 292 тани ташкил этган. Бу кўрсаткич 2020 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1 миллионга кўп.  Энг кўп чақириқлар Фарғона (1 373 997 та), Андижон (1 288 543 та) ва Тошкент (1 147 892 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Кейинги ўринда Тошкент шаҳри — 1 146 005 та мурожаат.

Йил бошидан 1 декабрга қадар тез ёрдам хизмати орқали 11 миллион 422 минг 63 нафар беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Шулардан 1 миллион 49 минг 221 нафари госпитализация қилинган. Шифохоналарга ётқизиш кўрсаткичи 9 фоизга тенг бўлган. Яъни 90 фоиздан зиёд ҳолатда беморларга жойида тиббий хизмат кўрсатилган. Бу эса тез ёрдамни чақирадиганларнинг аксарияти аслида 103 ёрдамига муҳтож эмаслигини англатади.

«Тўғри-да, иситмаси 37,5–38 даражага кўтарилган беморни тез тиббий ёрдам бригадаси шошилинч равишда шифохонага олиб бориши керакми? Ваҳоланки, ҳарорат кўтарилиши турли касалликларнинг бошланиши аломати бўлиши мумкин! Буни аниқлаш учун аввал дори ичиб иситмани тушириш, кейин профилактика ёки даволаш муассасасига бориб, чуқур тиббий текширувлардан ўтиш лозим. Тез ёрдам ходимларида эса бундай диагностика хизматларини кўрсатиш имконияти, табиийки, йўқ.

Ҳар бир асоссиз чақириқ учун ҳам давлат ҳисобидан маълум харажатлар сарфланади. Бу — халқнинг, яъни сизу биз, барчамизнинг пулимиз. Қолаверса, тиббиёт ходимларининг вақти беҳуда йўқотилади. Энг ёмони, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бошқа беморларга хизмат кўрсатиш қамрови пасаяди», дейилади вазирлик мурожаатида.

Янгиликлар