Сиртқи таълимда ўқиётганлар учун ўқиш белгиланган тартибда давом этиши маълум қилинди

Ҳозирда сиртқи таълимда таҳсил олаётган талабалар ўқишни амалдаги тартибда давом эттиради. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон олий таълим муассасаларида сиртқи таълим шаклига талабалар қабули тўхтатилганди.

Мутасаддининг таъкидлашича, мавжуд талабалар амалдаги давлат таълим стандартлари асосида ўқув режалари ва дастурларга мувофиқ ўқишни якунлаш имкониятига эга. ОТМлар ўқув жараёнини тўлиқ ва сифатли ташкил этиши, шунингдек, зарур ресурслар ва амалий машғулотлар билан таъминлаши шарт.

Қайд этилишича, сиртқи шаклда диплом олган шахслар тўлиқ олий маълумотли мутахассис сифатида тан олинади ва уларнинг дипломлари кундузги, кечки ёки масофавий таълим шакллари билан тенг юридик кучга эга.

Вазирлик иш берувчиларга мурожаат қилиб, номзодларни таълим шакли асосида эмас, балки уларнинг касбий салоҳияти ва билим даражаси асосида баҳолаш лозимлигини эслатди. Таълим шакли қайта кўриб чиқилаётган бўлса-да, иш билан банд аҳоли учун олий таълим олиш имкониятлари сақлаб қолинади.

Жумладан, яқин йилларда part-time, масофавий ва кечки таълим шакллари ривожлантирилади ва қамрови кенгайтирилади.

 

Қарорлар