Ўзбекистонда сиртқи таълим тугатилди
Президентнинг таълим сифатини таъминлашга оид фармони қабул қилинди. Ҳужжат Lex.uz сайтида эълон қилинди.
Фармонга кўра, Президент администрацияси ҳузурида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилади. Агентлик ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, малакаларни баҳолаш соҳаларида ташқи сифат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
Агентлик таълим ташкилотларини комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказади. Бунда:
• комплекс давлат аккредитацияси ҳар 5 йилда таълим ташкилотларини ташқи баҳолаш натижалари асосида ўтказилади;
• махсус давлат аккредитацияси кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилаётган таълим дастурлари бўйича ўқув жараёни бошланишидан олдин ўтказилади.
Шунингдек, агентлик таълим ташкилотлари битирувчиларининг замонавий меҳнат бозори талабларига мослигини ўрганиш мақсадида Умуммиллий иш берувчилар сўровномасини ўтказади.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб сиртқи таълимга қабул бутунлай тугатилади. Бу тартиб давлат ҳамда нодавлат олий таълим муассасаларига бирдек татбиқ этилади.
Ҳозир сиртқида ўқиётган талабаларнинг ўқиши давом эттирилади. Бироқ янги қабул эндиликда мақбуллаштирилган кундузги таълим (part-time education) ва бошқа муқобил таълим шакллари орқали амалга оширилади.
Ундан ташқари, ОТМда муқобил таълим шаклларига қабул сони кундузги таълим қабулининг 50% идан ошмаслиги белгиланди. Шу билан бирга, магистратура босқичида муқобил таълим шаклларида ўқитишга рухсат берилади.
Эслатиб ўтамиз, педагог кадрларни тайёрлашда сиртқи таълим шакли бекор қилиниши ҳақида хабар бергандик.