Педагог кадрларни тайёрлашда сиртқи таълим шакли бекор қилинади

Ўзбекистонда педагогларни тайёрлашда сиртқи таълимдан воз кечилади. Бу тўғрисидаги фармон 28 апрелда президент томонидан имзоланди.

Ҳужжатга кўра, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети негизида Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети ташкил этилади. Мазкур университетга мактабгача ва мактаб таълими вазирининг педагогик таълимни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари раҳбарлик қилади.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб педагог кадрлар тайёрлаш фақат кундузги ва кечки таълим шакллари орқали амалга оширилади. Сиртқи таълим шаклига талабалар қабул қилинмайди.

Шунингдек, олий педагогик таълим соҳасида нодавлат таълим хизматлари фақат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг хулосаси асосида лицензияланади.

Бундан ташқари, 2025 йил 1-сентабрдан педагогика олий таълим муассасалари ўқитишдан тушган маблағларининг 4 фоизини Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига ўтказиш амалиёти бекор қилинади.

Фармон 2025 йил 29 апрелдан кучга кирган.

 

Қарорлар