Ўзбекистонда SMS-хабарнома хизмати нархи икки бараварга оширилади

SMS-хабарнома хизматларини кўрсатувчи Play Mobile компанияси Uzcard тизимидаги кирувчи хабарлар учун тарифлар оширилишини маълум қилди.

1 мартдан Beeline, Humans, Perfectum, Ucell, Mobiuz ва UzMobile операторлари абонентлари учун 5800 рақамидан юборилган ҳар бир SMS нархи 84,2 сўмдан 168,4 сўмга кўтарилади.

Компаниянинг қайд этишича, SMS-хабарнома хизматлари нархлари 2019 йилнинг июль ойидан бери ўзгармаган. Шу билан бирга, SMS-трафик ҳажми 75 фоизга ошган, бу эса «дастурий-аппарат мажмуасига хизмат кўрсатиш харажатларини сезиларли даражада оширган». Қуйидаги харажатлар ҳам ошгани аниқланган:

— дастурчиларни ёллаш;

— дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва техник қўллаб-қувватлаш;

— ишлаб чиқариш инфратузилмасини янгилаш;

— хизматларни ҳамкорлар ва мобил алоқа операторлари билан интеграция қилиш.

Бундан ташқари, хизматлар нархига «ташқи омиллар» — электр энергияси нархининг 100 фоизга, базавий ҳисоблаш миқдорининг 68 фоизга ва алоқа операторлари томонидан ундириладиган битта SMS ўртача нархининг 300 фоизга ошиши таъсир кўрсатган.

Қарорлар