Бухорода завод раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Бухоро вилоятидаги «Когон ёғ экстракция заводи» АЖ собиқ раҳбарлари фаолиятида аниқланган қонунбузарликлар бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Аниқланишича, 2021–2022 йилларда завод томонидан «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Тўқимачилик бизнес маркази орқали 30,5 млрд сўм кредит олинган. Гаров сифатида қиймати 50 млрд сўм деб баҳоланган бино-иншоотлар кўрсатилган.

Бироқ, мансабдор шахслар кредит олиш жараёнида жамият кузатув кенгаши розилигисиз сохта ҳужжатлар тайёрлаб, банкка тақдим этган.

Кредит маблағларининг самарасиз йўналтирилгани оқибатида жамият ва банк тизимига жами 19,6 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ишга алоқадор шахсларнинг жавобгарлиги ҳуқуқий тартибда кўриб чиқилмоқда.

Бухоро