Ўзбекистонда 1200 дан ортиқ фуқарога сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари берилди

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномалари сохталаштирилганлиги юзасидан Давлат хизматлари маркази ходимлари нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Тергов жараёнида, 8 та вилоятда (Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Навоий, Андижон ва Қашқадарё) 1 200 нафардан ортиқ фуқароларга сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб берилганлиги аниқланган.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, сохта гувоҳномаларни олган фуқароларнинг 455 нафари 1 305 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган, 9 нафари йўл транспорт ҳодисаси содир этгани оқибатда, 6 нафар фуқаро тан жароҳати олган ва 3 нафари вафот этган, — дейилади хабарда.

Ҳозирда сохта гувоҳномалар ва уларни расмийлаштиришга асос бўлган барча ҳужжатлар тўлиқ текширилаётгани билдирилди.

Фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномасини фақат қонунчиликда белгиланган тартибда олиш лозимлиги ва сохта ҳужжатлардан фойдаланганлик учун жавобгарлик борлиги эслатилди.

Ўзбекистон