Андижонда «Soliq Mobile» орқали 35 млрд сўмдан ортиқ кэшбэк маблағлари талон-торож қилинди

Гумонланувчилар 1 трлн сўмдан ортиқ қийматдаги товарларни етказиб бериш бўйича сохта ҳужжатларни расмийлаштиришган

Андижон вилоятида Soliq Mobile иловаси орқали 35 млрд сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.

Хусусан, ўтказилган терговга қадар текширувда 6 нафар фуқаро ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, фуқаро Ў.Қ.нинг номига 3 та, фуқаро Н.Ю.нинг номига 5 та ва Р.Х.нинг номига 1 та МЧЖ ташкил этиб, ушбу МЧЖлар ўртасида ҳеч қандай молиявий алоқалар амалга оширилмаган бўлса-да, компьютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда 2026 йилнинг март-апрель ойларида жами 1,1 трлн сўмлик маҳсулотлар етказиб берилганлиги ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактураларини расмийлаштирган.

Натижада, гўёки савдодан тушган пул маблағларини онлайн назорат касса машиналари орқали кирим қилиб, фуқароларга сотилганлиги ҳақида харид чекларини чиқариб, жами 100 458 нафар фуқарога Soliq Mobile иловаси орқали Keshbek сифатида тўлаб берилганлиги оқибатида, 35,1 млрд сўм бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Шу билан бирга, Андижон вилояти солиқ бошқармаси масъул шахслари ва бошқалар юқоридаги МЧЖлар томонидан жами 1,1 трлн сўмлик ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилганлиги ҳолатлари бўйича корхоналарнинг ҚҚС гувоҳномаларини бекор қилиш чораларини кўрмаганлиги, шунингдек шубҳали операциялар ҳақида департамент органларига хабар бермаганликлари маълум бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича прокуратурага юборилган.

Ўзбекистон