Солиқ тизимида коррупция ҳолатлари аниқланди

Солиқ органларининг айрим ходимлари томонидан 82 млрд сўм ҚҚС ноқонуний қайтарилгани бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида солиқ органларининг айрим мансабдор шахслари «Барқарорлик рейтинги» дастуридаги маълумотларни сохталаштириб, 18 та хўжалик юритувчи субъектга сунъий баҳо қўшгани ва хавф даражасини олиб ташлагани аниқланиб, бюджетдан жами 82 млрд сўм ҚҚС ноқонуний қайтарилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167 ва 209 моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Хусусан, ёғоч импорти билан шуғулланувчи МЧЖ ҳисобига 5,5 млрд сўм ҚҚС ноқонуний равишда қайтарилганлиги аниқланиб, Солиқ қўмитасининг 2 нафар ходими, МЧЖ директори, ҳисобчиси ва 2 нафар норасмий раҳбар гумонланувчи сифатида терговга жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.

Тергов доирасида 16 та объектга ўтказилган тинтувда $79 минг, 161 млн сўм, 3 та LI 9 электромобиль, 2 та Gentra, 1 та Nexia 3 автомобили, 1268 дона ТЕРЕА номли электрон сигарет таёқчалари, 27 та электрон калит, шунингдек, муҳр, компьютер ва телефон аппаратлари далилий тарзда расмийлаштириб олинган.

Қолган субъектлар бўйича ҳам тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ўзбекистон