Ўзбекистонда ярим йиллик солиқ тушумлари миқдори маълум қилинди
2025 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон давлат бюджетига тушган солиқ тушумлари миқдори 102,6 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси ҳисоботидa маълум қилинди.
Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 16,8 трлн сўмга ёки 20 фоизга кўп.
Маълумотларга кўра, ҳар бир солиқ ходимига тўғри келган ўртача тушум миқдори 2024 йил I ярмида 9,3 млрд сўм бўлган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 11,2 млрд сўмни ташкил этган (+1,8 млрд сўм).
Ҳудудлар кесимида энг кўп солиқ тушуми Тошкент шаҳрида қайд этилган — 17,6 трлн сўм (ўсиш 31,4%). Шунингдек, Тошкент вилоятида 4,7 трлн сўм (+25,8%), Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ҳар бири 3,1 трлн сўм атрофида тушум тушган.
Энг кам солиқ тушумлари эса Сирдарё вилоятида қайд этилган — 1,1 трлн сўм (ўсиш 28,3%). Навоий (1,3 трлн, +22,4%) ва Жиззах (1,3 трлн, +16,5%) вилоятлари ҳам паст кўрсаткичларга эга бўлган.
Юқори ўсиш «ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ» бўйича кузатилган — тушумлар 23,4% га ошиб, 10,3 трлн сўмни ташкил этди. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи 3,6 трлн сўмга (+20,3%) кўпайган.
Солиқ турлари бўйича тушумлар қуйидагича:
• ҚҚС: 21,4 трлн сўм
• Фойда солиғи: 22,5 трлн сўм (+17,5%)
• Даромад солиғи: 19,9 трлн сўм (+17,5%)
• Ер қаъри: 10,3 трлн сўм
• Акциз солиғи: 9,3 трлн сўм (+15,6%)
• Ер солиғи: 4,8 трлн сўм (+18,4%)
• Мол-мулк солиғи: 4,1 трлн сўм (+16,4%)
• Айланмадан солиқ: 1,6 трлн сўм (+14,8%)
• Сув ресурслари: 0,5 трлн сўм (+7,2%)
Тўловчилар сонида ҳам ўзгаришлар кузатилди. ҚҚС ва фойда солиғи тўловчилари 14,5% га кўпайиб, 227,9 мингтага етган. Бироқ даромад солиғи тўловчилари 0,7% га камайган (6 млн 23 мингдан 5 млн 980 минггача). Айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари 35% га камайган (344,2 мингдан 332 мингтага), мол-мулк солиғи тўловчилари эса 6,3% га ошган (82,6 мингта).
Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилганлар сони 2025 йил I ярмида 5,54 млн нафарга етиб, ўтган йилга нисбатан 56% га ошган (2024 йилда 3,55 млн нафар).